logo
Orqaga qaytish

«Ўзавтосаноат» АЖнинг автомобилсозликни ривожлантириш стратегияси

07.06.2019

7 июнь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Ўзавтосаноат» АЖ вакиллари иштрокида брифинг бўлиб ўтди.

Брифинг давомида республикамиз иқтисодиётининг асосий тармоқларидан бири ҳисобланган ва туташ тармоқлар, алоҳида ҳудудлар ва мамлакатимиз ривожланишига муҳим таъсир ўтказувчи автомобилсозлик саноатини ривожлантириш стратегияси  тақдимоти ўтказилди.

Автомобилларга бўлган талаб металлургия, кимё, электротехника ва бошқа соҳаларнинг юқори технологияли маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни келтириб чиқаради ва меҳнатга лаёқатли аҳоли сонидан 200 минг нафардан ортиқ кишини иш билан таъминлайди. «Ўзавтосаноат» АЖда 40 дан ортиқ йирик ва кичик корхона ва ташкилотлар бирлашган бўлиб, унда 27 мингдан ортиқ киши иш билан таъминланган.

Бугунги кунда енгил автомобиллар ишлаб чиқаришнинг йиллик қуввати 300 минг донани, юк автомобиллари ва автобуслар ишлаб чиқариш қуввати йилига 10 мингтани ташкил этади.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар 2030 йилга келиб енгил автомобилларнинг ички бозорини 300 мингдан  450-460 минг донагача ортишига, автобуслар сотуви ҳажмининг 1 мингдан 2 минг донагача ортишига имкон беради.

Шу муносабат билан, «Ўзавтосаноат» АЖ томонидан Ўзбекистон Республикаси автомобилсозлик саноатининг қуйидаги мақсад, вазифа ва йўналишларни ўз ичига олувчи, 2030 йилгача янада ривожлантиришнинг янги концепциясини самарали амалга оширишни назарда тутувчи  мутлақо янги модел ишлаб чиқилди:

Автомобилсозлик тармоғини янада ривожлантириш бўйича «Ўзавтосаноат» АЖнинг асосий йўналишлар:

-  Автомобил саноати корхоналари фаолиятини ички ва ташқи бозорларда такомиллаштириш;

-  Автотранспорт воситаларининг рақобатбардошлигини ошириш;

-  Инжинирингни ривожлантириш ва ишлаб чиқариш технологияларини такомиллаштириш;

-  Кадрлар сиёсатини такомиллаштириш;

-  «Ўзавтосаноат» АЖ ва тармоқ корхоналарида корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш;

-  Ишлаб чиқаришда ахборот технологияларини ривожлантириш ва бизнес жараёнларини автоматлаштириш;

-  Маҳаллий автомобилсозлик саноатининг жаҳон автомобил саноатига интеграциялашуви учун ташқи иқтисодий шарт-шароитлар.

Boshqa yangiliklar

tepaga