logo
Orqaga qaytish

Тошкентда “Ювентус” футбол академияси очилади

19.04.2019

2019 йил 7 майда Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетида “Ювентус” футбол академияси очилиши маросими бўлиб ўтади. Тадбирда клуб тренерлари маҳорат сабоқлари ўтадилар ва 5 ёшдан 17 ёшгача бўлган болалар орасидан мавсумий машғулотлар учун саралаш ўтказадилар. 

Тошкентдаги “Ювентус” футбол академияси Марказий Осиёда ягона саналади. Ёш футболчилар учун машғулотлар университет ҳудудида амалга оширилади, у ерда болаларга сифатли таълим бериш учун барча нарса – замонавий спорт мажмуаси, футбол майдонлари, бассейн, тренажёр зали, парҳез ошхонаси мавжуд.

Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети кампуси базасида “Ювентус академияси”ни таъсис этиш қарори 2018 йил декабрда, мамлакатга Италиядан “Ювентус академияси”нинг брендни ривожлантириш ва бошқариш бўйича ижрочи директори Каролина Киапперо бошчилигидаги машҳур “Ювентус” футбол клуби делегацияси келганида қабул қилинганди. Ташриф давомида Англашув меморандуми имзоланган бўлиб, бундан ташқари меҳмонлар университет фаолияти билан танишгандилар, раҳбарият, профессор-ўқитувчилар таркиби ва талабалар билан қатор учрашувлар ўтказгандилар. Шунингдек, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик имкониятлари, жумладан Ўзбекистон ёшларини футбол билан шуғулланишга кенг жалб қилиш масалалари муҳокама этилганди.

“Ювентус” клубига 1897 йилда асос солинган, бош қароргоҳи Турин шаҳрида бўлиб, Италия, Европа ва умуман дунёдаги энг кўп совринга эга ва кучли клублардан бири саналади. “Ювентус” фалсафаси негизида ётувчи асосий қадриятлардан бири ёш авлодга устувор эътибор беришдир. Бу соҳага инвестициялар клубнинг мислсиз муваффақияти, шунингдек унинг халқаро миқёсдаги обрўси учун асосий омиллардан саналади.

Бу борадаги ишларни амалга оширишнинг асосий майдони “Ювентус академияси” ҳисобланади, унинг фаолияти Италия ва хорижда болаларни ҳар томонлама жисмоний ривожлантириш, шунингдек уларни футбол маданиятига билан дўстлашувига хизмат қилишга қаратилган. Академия фаолияти комплекс ёндашувга асосланган бўлиб, 6та асосий йўналишларда олиб борилади: йил давомидаги тренинг, машғулотлар лагери, ёзги лагерь, машғулот тажрибаси, ўқув сессияси, “Ювентус” футбол бўйича жаҳон кубоги. Ҳозирда “Ювентус” лойиҳаси Европа, Осиё ва Америка мамлакатлари (жумладан, Россия ва Грузия)да амалга оширилади, 100 дан зиёд масканларни ўз ичига олади ва 15 000дан ортиқ болаларни жалб қилган.

Тошкентдаги “Ювентус” футбол академияси болаларни қабул қилиш ва ёш гуруҳларига тақсимлашни бошлаб юборди. Жойлар сони чегараланган. Маълумотлар учун телефон: +998 95 144-77-70

 

Boshqa yangiliklar

tepaga